O’ZBEKISTON
SUG’URTA BOZORINING PROFESSIONAL
ISHTIROKCHILARI UYUSHMASI



АССОЦИАЦИЯ
ПРОФЕССИОНАЛЬНЫХ УЧАСТНИКОВ
СТРАХОВОГО РЫНКА УЗБЕКИСТАНА
RU UZ

Главная > Уюшма Устави



Уюшма Устави

                                                             Ўзбекистон Республикаси                                          Уюшма аъзолари           

                                                             Адлия вазирлиги томонидан                             Умумий йиғилиши томонидан           

                                                             2017 йил “ 22 ” мартда                                            2016 йил “ 22 ” декабрдаги

                                                               87 - сон билан                                                             20 - сонли баённомаси билан

                                                             “РЎЙХАТГА ОЛИНГАН”                                                “ТАСДИҚЛАНГАН”

 

 

 

“O’ZBEKISTON SUG’URTA BOZORINING

PROFESSIONAL ISHTIROKCHILARI

UYUSHMASI”

 

УСТАВИ

(Янги таҳрири)

 

 

Тошкент-2017 й.

 

 

 

I. УМУМИЙ  ҚОИДАЛАР

1.1. “O’zbekiston sug’urta bozorining professional ishtirokchilari Uyushmasi” Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2007 йил 16 июль куни  87-сон билан рўйхатга олинган, Ўзбекистон Республикаси суғурта бозорининг профессионал иштирокчиларини тадбиркорлик фаолиятини мувофиқлаштирувчи, манфаатларини ифода этувчи ва ҳимоя қилувчи, ўз аъзолигига ихтиёрий тарзда бирлаштирувчи юридик шахслар уюшмаси (бирлашмаси), нотижорат ташкилот ҳисобланади (матнда – Уюшма деб юритилади).

1.2. Уюшма ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари, Таъсис шартномаси ва ушбу Устав асосида юритади.

1.3. Уюшманинг тўлиқ ва қисқартирилган юридик номи:

Тўлиқ номи:

- давлат тилида: “O’zbekiston sug’urta bozorining professional ishtirokchilari Uyushmasi”;

- рус тилида: “Ассоциация профессиональных участников страхового рынка Узбекистана”;

- инглиз тилида: “Association of professional participants of the insurance market of Uzbekistan”.

Қисқартирилган номи:

- давлат тилида: “O’zSug’urta uyushmasi”;

- рус тилида: “Ассоциация УзСугурта”;

- инглиз тилида: “Insurers Association of  Uzbekistan”.

1.4. Уюшманинг почта манзили: Ўзбекистон Республикаси, 100171, Тошкент ш., Авиасозлар-4, 68 уй.

1.5. Уюшманинг фаолият муддати чекланмаган.

II. УЮШМАНИНГ АЪЗОЛАРИ (ТАЪСИСЧИЛАРИ)

2.1. Қуйидаги юридик шахслар Уюшманинг аъзолари ҳисобланади:

1) “O’zbekinvest” eksport-import milliy sug’urta kompaniyasi (манзили: Тошкент ш., 100017, А. Қодирий кўчаси, 2 уй. Юнусобод туман ҳокимияти томонидан 1997 йил 5 мартда 10-554-сон билан рўйхатга олинган. Гувоҳнома      № 30636);

2) “O’zagrosug’urta” aksiyadorlik jamiyati (манзили: Тошкент ш., 100017, Мустақиллик майдони, 5 уй. Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 26 июнда рўйхатга олинган. Гувоҳнома № 947);

3) “KAFOLAT sug‘urta kompaniyasi” aksiyadorlik jamiyati (манзили: Тошкент ш., 100017, Мустақиллик майдони, 5 уй. Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил   19 июнда рўйхатга олинган. Гувоҳнома № 999);

4) “ALSKOM” Sug‘urta kompaniyasi” Aksiyadorlik jamiyati (манзили: Тошкент ш., 100084, А.Темур кўчаси, 109 уй. Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил 10 июлда 109-сон билан рўйхатга олинган. Гувоҳнома № 3423);

5) “O’zbekinvest Hayot” мas’uliyati cheklangan jamiyati shaklidagi sug’urta kompaniyasi (манзили: Тошкент ш., 100017, А. Қодирий кўчаси, 2 уй. Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 10 августда 9-сон билан рўйхатга олинган. Гувоҳнома № 1467);

6) “KAPITAL SUG’URTA” aksiyadorlik jamiyati (манзили: Тошкент ш., 100000, М. Ганди кўчаси, 44 уй. Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил 20 июнда рўйхатга олинган. Гувоҳнома № 71);

7) “Universal Sug’urta” акциядорлик жамияти (манзили: Тошкент ш., 100187, Буюк Ипак Йули кўчаси, 218-220 уй. Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил 25 июнда 189-сон билан рўйхатга олинган. Гувоҳнома № 3504);

8) “ALFA INVEST” мas’uliyati cheklangan jamiyati shaklidagi sug’urta tashkiloti (манзили: Тошкент ш., 100128, Лабзак кўчаси, 10 уй. Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил 28 ноябрда 188-сон билан рўйхатга олинган. Гувоҳнома        № 3503);

9) “ALFA LIFE” sho’ba xo’jalik jamiyati shaklidagi sug’urta tashkiloti (манзили: Тошкент ш., 100128, Лабзак кўчаси, 10 уй. Адлия вазирлиги томонидан 2009 йил 25 майда 69-сон билан рўйхатга олинган. Гувоҳнома № 1526);

10) “ASIA INSHURANS” мas’uliyati cheklangan jamiyat shaklidagi sug’urta kompaniyasi (манзили: Тошкент ш., 100060, С. Барака кўчаси, 34а уй. Адлия вазирлиги томонидан 2008 йил 23 октябрда 20-сон билан рўйхатга олинган. Гувоҳнома № 1478);

11) “ISHONCH” banklararo sug’urta kompaniyasi мas’uliyati cheklangan jamiyati (манзили: Тошкент ш., 100027, А. Хожаева кўчаси, 1 уй. Адлия вазирлиги томонидан 2004 йил 29 декабрда рўйхатга олинган. Гувоҳнома № 796);

12) “TEMIRYO’L-SUG’URTA” sug’urta kompaniyasi qo’shma korxonasi мas’uliyati cheklangan jamiyati (манзили: Тошкент ш., 100047, А.Темур шох кўчаси, 4 уй. Адлия вазирлиги томонидан 2008 йил 14 августда 4-сон билан рўйхатга олинган. Гувоҳнома № 1462);

13) “Asko-Vostok” мas’uliyati cheklangan jamiyati (манзили: Тошкент ш., 100017, Хуршид кўчаси, 56А уй. Адлия вазирлиги томонидан 2007 йил                 28 декабрда рўйхатга олинган. Гувоҳнома № 534);

14) “DD GENERAL INSURANCE” мas’uliyati cheklangan jamiyati (манзили: Тошкент ш., 100011, А.Навоий кўчаси, 27 уй. Адлия вазирлиги томонидан 2011 йил 14 июнда 95-сон билан рўйхатга олинган. Гувоҳнома № 1552);

15) “EUROASIA INSURANCE” мas’uliyati cheklangan jamiyat shaklidagi qo’shma korxona sug’urta kompaniyasi (манзили: Тошкент ш., 100097, Бунёдкор кўчаси, 42/1 уй. Адлия вазирлиги томонидан 2010 йил 7 октябрда 1802-сон билан рўйхатга олинган. Гувоҳнома № 1466);

16) “GARANT INSURANCE GROUP” мas’uliyati cheklangan jamiyati sug’urta kompaniyasi (манзили: Тошкент ш., 100047, Матбуотчилар кўчаси, 17 уй. Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 12 апрелда 46-сон билан рўйхатга олинган. Гувоҳнома № 1504);

17) “GROSS INSURANCE” мas’uliyati cheklangan jamiyati (манзили: Тошкент ш., 100017, А.Темур кўчаси, 1-тор, 6 уй. Адлия вазирлиги томонидан 2011 йил 17 ноябрда 103-сон билан рўйхатга олинган. Гувоҳнома № 1560);

18) “XALQ SUG’URTA” мas’uliyati cheklangan jamiyat shaklidagi sug’urta kompaniyasi (манзили: Тошкент ш., 100070, Ш. Руставели кўчаси, 9 уй. Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил 22 октябрда 94-сон билан рўйхатга олинган. Гувоҳнома № 1551);

19) “KAFIL-SUG’URTA” мas’uliyati cheklangan jamiyati (манзили: Тошкент ш., 100000, Мустақиллик майдони, 59 уй. Адлия вазирлиги томонидан 2007 йил 24 декабрда 13-сон билан рўйхатга олинган. Гувоҳнома № 1471);

20) “MEGA INVEST INSURANCE” мas’uliyati cheklangan jamiyat shaklidagi sug’urta kompaniyasi (манзили: Тошкент ш., 100060, Т. Шевченко кўчаси, 22 уй, 2 хонадон. Адлия вазирлиги томонидан 2009 йил 22 июнда 70-сон билан рўйхатга олинган. Гувоҳнома № 1527);

21) “UNIPOLIS” мas’uliyati cheklangan jamiyati (манзили: Тошкент ш., 100015, Авлиё ота кўчаси, 9 уй. Адлия вазирлиги томонидан 2008 йил 16 январда рўйхатга олинган. Гувоҳнома № 732);

22) “SUG’URTA O’Z” мas’uliyati cheklangan jamiyat shaklidagi sug’urta kompaniyasi (манзили: Тошкент ш., 100115, Чилонзор кўчаси, 53А уй. Адлия вазирлиги томонидан 2010 йил 12 майда 82-сон билан рўйхатга олинган. Гувоҳнома №1539);    

23) “SAIPRO AXBOROT REYTING AGENTLIGI” мas’uliyati cheklangan jamiyat (манзили: Тошкент ш., 100029, Бухоро кўчаси, 26 уй. Учтепа туман ҳокимияти томонидан 2010 йил 20 февралда 003573-01-сон билан рўйхатга олинган. Гувоҳнома № 003573);

24) “LABB” мas’uliyati cheklangan jamiyat (манзили: Тошкент ш., 100000, Мустақиллик майдони, 59 уй. Мирзо-Улуғбек туман ҳокимияти томонидан 2013 йил 29 августда 008357-04-сон билан рўйхатга олинган. Гувоҳнома № 008357);

25) “ACTUARIAL SERVICE BUREAU” мas’uliyati cheklangan jamiyat (манзили: Тошкент ш., Ойбек кўчаси, 20 уй. Миробод туман ҳокимияти томонидан 2011 йил 29 сентябрда 005449-03-сон билан рўйхатга олинган. Гувоҳнома № 005449);

26) “INTERTICH” мas’uliyati cheklangan jamiyat (манзили: Тошкент ш., Саидазимова кўчаси, 67 уй. Мирзо-Улуғбек туман ҳокимияти томонидан 2012 йил 23 майда 007369-04-сон билан рўйхатга олинган. Гувоҳнома № 007369);

 27) “O’ZBEKINVEST ASSISTANS” unitar korxonasi (манзили: Тошкент ш., 100017, А. Қодирий кўчаси, 2 уй. Юнусобод туман ҳокимияти томонидан 2015 йил 21 майда 000138-10-сон билан рўйхатга олинган. Гувоҳнома № 000138);

28) “MAX GENERAL GROUP” мas’uliyati cheklangan jamiyat (манзили: Тошкент ш., Куддус-3 кўчаси, 34 уй. Миробод туман ҳокимияти томонидан 2009 йил 22 апрелда 003820-03-сон билан рўйхатга олинган. Гувоҳнома № 003820).

2.2. Уюшма аъзоларининг таркиби, Уюшма аъзолигига бошқа юридик шахсларнинг кириши эвазига ўзгариши мумкин.

2.3. Уюшма ўз аъзоларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, фаолиятини мувофиқлаштириш ва юксалтириш, Уюшманинг уставида белгиланган мақсадларга эришиш учун биргаликдаги фаолият асосида ташкил этилган.

 III. УЮШМА ФАОЛИЯТИНИНГ ПРЕДМЕТИ, МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ, ҲУҚУҚИ ҲАМДА МАЖБУРИЯТЛАРИ

3.1. Уюшмани ташкил этишдан ва унинг фаолиятидан мақсад миллий суғурта бозорини ривожлантириш ва такомиллаштириш, ўз аъзоларини бирлаштириш ва фаолиятини мувофиқлаштириш орқали уларни ҳимоя қилиш.

3.2. Уюшма фаолиятининг предмети:

а) суғурта бозори конъюнктурасини ўрганиш, унинг юқори даражада очиқ-ойдинлигини таъминлаш, рақобатни ривожлантириш, суғурта хизматлари ҳажмларини кўпайтириш, кўламини кенгайтириш ва сифатини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

б) потенциал хорижий инвесторларга маблағларни Ўзбекистон Республикаси суғурта соҳасига инвестициялашда кўмаклашиш;

в) республика аҳолиси ўртасида суғурталаш масалалари бўйича фаол тушунтириш ишларини олиб бориш;

г) суғурталаш учун кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, суғурта бозори профессионал иштирокчилари учун профессионал этика нормаларини ишлаб чиқиш;

д) миллий суғурта институтларининг ривожланишини таъминлаш борасида Ўзбекистон суғурта бозори иштирокчиларининг биргаликдаги фаолиятини йўлга қўйиш;

е) мавжуд истеъмол талабидан, шунингдек миллий иқтисоднинг ривожланиш ҳолатига қараб, амалдаги қонун ҳужжатлари талабларидан келиб чиққан ҳолда суғурта бозори инфратузилмасини шакллантирилишига кўмаклашиш;

ж) фуқаролар ва хўжалик субъектларига суғурта хизмати кўрсатилишида суғурталанувчиларнинг манфаатларини назарда тутувчи оптимал суғурта шароитини яратишни амалга ошириш.

3.3. Уюшма юқоридагиларни амалга оширишда қуйидаги вазифаларни ҳал қилади:

а) уюшма аъзоларини уларнинг фаолияти билан боғлиқ ҳамда суғурта бозорида юзага келган аҳволни ифодаловчи ахборот ва маълумотлар билан таъминлаш учун тадбирларни ташкил этиш;

б) суғурта бозори профессионал иштирокчиларининг, шунингдек юридик ва жисмоний шахслар билан ҳамкорликдаги фаолияти мобайнида юзага келган масалаларни тартибга солинишида кўмаклашиш;

в) давлат ҳокимияти органларида уюшма аъзоларининг манфаатларини ҳимоя қилиш;

г) суғурта бозорининг оптимал инфратузилмасини шакллантирилишига кўмаклашиш;

д) миллий суғурта бозори ривожланишини таъминловчи умумий тавсияларни ишлаб чиқиш;

е) суғурта ишини ривожлантиришнинг илмий ва амалий услубларини ишлаб чиқилишида иштирок этиш;

ж) суғурта фаолиятини тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштириш бўйича шунингдек, суғуртага оид ҳужжат ҳамда ҳуқуқий-меъёрий актларга ва бошқа материалларга эксперт баҳо бериш учун таклифлар тайёрлаш;

з) уюшма Аъзолари Умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган тегишли меъёрий ва/ёки Уставда назарда тутилган вазифаларни амалга ошириш ҳамда Уюшма аъзоларининг манфаат ва фикрларини тўлиқроқ ҳисобга олиш мақсадида Уюшма аъзоларининг раҳбарлари ва мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳларини ва юридик шахсларни ташкил этиш. Ишчи гуруҳлар фаолияти Умумий йиғилиш тасдиқлаган тартиб асосида амалга оширилади;

и) суғурта фаолиятига тааллуқли бўлган материаллар, шунингдек, умумий реклама материаллари, статистик ҳисобот, ўқув қўлланмалари, услубий қўлланмалар ва бошқа адабиётларни ишлаб чиқиш ва нашр қилиш;

к) суғуртага оид долзарб масалалар бўйича семинарлар, конференциялар ва бошқа илмий-амалий аҳамиятга эга тадбирларни ташкил қилиш, шунингдек ана шундай тадбирларда қатнашиш; 

л) халқаро ва хорижий суғурта ташкилотлари, уюшмалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш учун тегишли тадбирларни ташкил этиш.

3.4. Уюшма ўз фаолиятидан фойда олинишини мақсад қилиб қўймайди, олинган фойда Уюшма аъзолари ўртасида тақсимланмайди.

3.5. Уюшманинг ҳуқуқлари.

Уюшма қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) ўз аъзоларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш;

б) суғурта фаолиятига оид турли масалаларга доир ташаббуслар билан чиқиш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига таклифлар киритиш;

в) суғуртага оид давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг қарорларини ишлаб чиқишда қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда иштирок этиш;

г)  ўз фаолияти тўғрисида ахборот тарқатиш;

д) оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш ҳамда белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш;

е) Уставда белгиланган вазифаларни бажариш учун тадбиркорлик тузилмаларини ташкил этиш;

ж) ўз рамзий белгиларини таъсис этиш;

з)  ўз фаолиятига тааллуқли масалалар юзасидан йиғилишлар, семинарлар ва конференциялар ўтказиш;

и) қонун ҳужжатларига мувофиқ ваколатхоналар очиш ва филиаллар ташкил этиш;

к) қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга эга.

3.6. Уюшма ўз фаолиятини амалга оширишида қуйидагиларга мажбур:

а) қонун ҳужжатлари ва таъсис ҳужжатларига риоя этиш;

б) ўз мол-мулки ва пул маблағларидан фойдаланиши, шу жумладан молиялаштириш манбалари тўғрисидаги маълумотлар билан аъзоларнинг эркин танишишини таъминлаш;

в) рўйхатдан ўтказувчи орган билан тадбирлар ўтказишни келишиб олиши ва унинг вакилига ўтказилаётган тадбирларга эркин кириш имконини бериш;

г) рўйхатдан ўтказувчи органга, давлат солиқ хизмати органларига ва давлат статистика органларига ўз фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этиш.

3.7. Уюшма таркибий тузилмасини белгилашда, бошқарув усулларини жорий этилишида, меҳнатга ҳақ тўлаш ва уни ташкил этишда, кўрсатиладиган хизмат баҳосини белгилашда, шунингдек хўжалик юритиш билан боғлиқ юзага келадиган масалаларни ҳал этишда мустақилдир.

3.8. Аъзолар Уюшманинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайдилар, Уюшма эса аъзоларнинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди. Уюшма аъзолари таъсис ҳужжатларида ва/ёки аъзолар Умумий йиғилиш Қарорларида қайд этилган тартибда ва миқдорда Уюшманинг мажбуриятлари бўйича субсидар жавобгардирлар. 

IV. УЮШМАНИНГ ҲУҚУҚИЙ МАҚОМИ, МОЛИЯВИЙ ВА ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИНИНГ ТАРКИБИЙ ТУЗИЛМАСИ

4.1. Уюшма давлат рўйхатидан ўтганидан сўнг юридик шахс ҳисобланади, ўзининг мустақил балансида ҳисобда турувчи мулкка эга бўлиб, мажбуриятлари бўйича ана шу мулк доирасида жавобгардир. Уюшманинг мол-мулки ва маблағлари Уюшмага тегишли бўлиб, улардан мустақил равишда фойдаланади.

4.1.1. Уюшманинг мол-мулки қуйидагилар ҳисобидан шакллантирилади:

а) аъзоларнинг кириш ва доимий (йиллик) ҳамда мақсадли аъзолик бадалларидан;

б) уюшма фаолияти давомида олинган мол-мулклардан;

в) корхона ва ташкилотларнинг ихтиёрий ажратмаларидан;

г) беғараз ва хайрия бадалларидан;

д) уюшма таркибида ташкил этилган корхона ва ташкилотларнинг ажратмаларидан;

е) амалдаги қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан.

4.1.2. Уюшманинг молиявий таъминоти Уюшма аъзоларининг аъзолик бадаллари ҳисобидан амалга оширилади.

Уюшма аъзолигига номзодлар дастлабки йиллик аъзолик бадалини аъзоликка кириш бадали билан бир вақтда амалга оширади. Иккинчи ва ундан кейинги йиллик аъзолик бадаллари ҳар бир аъзо томонидан ушбу Уставнинг 4.1.4. бандига мувофиқ амалга оширилади.

4.1.3. Аъзолик бадали – миллий валюта сўмда (чет эл юридик шахслари учун АҚШ долларида) белгиланади, унинг миқдори, унга ўзгартириш киритиш ва тўловни амалга ошириш муддати Уюшма аъзоларининг Умумий йиғилишида белгиланади.

4.1.4. Уюшмага аъзолик бадалининг миқдори Уюшма Ижро дирекцияси томонидан навбатдаги йил учун тақдим этилган, йилнинг 1 декабрига қадар Кенгаш аъзоларининг 2/3 (учдан икки) қисми овози билан тасдиқланадиган Уюшманинг ҳаражатлар сметаси асосида белгиланади ва Уюшма аъзолари ўртасида тақсимланади.

Йиллик аъзолик бадали ҳар йили жорий йилнинг 1 мартига қадар тўланади.

4.1.5. Уюшма аъзолигига кириш бадали миқдори қуйидагича белгиланади:

а) суғурталовчилар ва қайта суғурталовчилар учун амалдаги энг кам ойлик иш ҳақининг 39,0 (ўттиз тўққиз) баравари;

б) суғурта бозорининг бошқа профессионал иштирокчилари учун амалдаги энг кам ойлик иш ҳақининг 8,0 (саккиз) баравари;

в) чет эл юридик шахслари учун 10 (ўн) минг АҚШ доллари миқдорида.

4.1.6. Аъзо, Уюшмага кириш бадалининг 30 фоизини 30 кун ичида тўлаш шарти билан 90 кун ичида кириш бадалини тўлиқ тўлашга мажбур. Кириш бадалини тўлиқ амалга оширган номзодга белгиланган шаклдаги аъзолик гувоҳномаси берилади. 

4.1.7. Аъзоликка кириш ва йиллик аъзолик бадаллари Уюшманинг ижро ва назорат органларининг таъминоти ҳамда унинг мазкур Уставда белгиланган фаолиятини таъминлаш мақсадида фойдаланилади ва/ёки сарфланади.

4.1.8. Мақсадли бадаллар аниқ тадбир ва режаларни молиялаштириш учун ишлатилади. Унинг миқдори ва тўловни амалга ошириш муддати Уюшма Кенгаши томонидан белгиланади.

4.2. Уюшма ўз фаолиятини таъминлаш ва мақсадига эришиш йўлида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) Ўзбекистон Республикасининг банк муассасаларида ҳисоб рақамлари очиш ва улардан фойдаланиш;

б) ўз шахсий, мулкий ҳуқуқ ва манфаатларини тааллуқлилиги бўйича тегишли судда, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг ҳакамлик судлари орқали ҳимояланиши, низо юзасидан келишув битими тузиши мумкин;

в) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида филиал ва ваколатхоналар ташкил этиш, Уставда назарда тутилган вазифаларни амалга ошириш учун ишчи гуруҳларини ва таркибий тузилмаларини ташкил этиш.

4.3.Уюшма ўзбек тилида ўз номи кўрсатилган ва логотипи туширилган юмалоқ муҳрга, бурчакли штампга, бланкга эга бўлиши мумкин.

 V. УЮШМА АЪЗОЛАРИ, АЪЗО БЎЛИШ ШАРТЛАРИ

5.1. Мазкур Уставни тан олувчи ва унинг талабларини бажарувчи суғурта бозори профессионал иштирокчилари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига биноан фаолият юритувчи бошқа субъектлар Уюшма аъзоси бўлиши мумкин. Аъзоликка қабул қилиш мазкур Уставда белгиланган тартибда амалга оширилади.

5.2. Уюшма аъзоларига Уюшма Кенгаши томонидан ўрнатилган намунадаги аъзолик гувоҳномаси берилади. Уюшмада Уюшма аъзоларининг реестри юритилади.

5.3. Уюшмага кириш тўғридан-тўғри, шунингдек суғурта бозорининг профессионал иштирокчиларининг бошқа бирлашмалари (уюшма, иттифоқ) орқали амалга оширилиши мумкин. Бирлашма ўзининг таркибига кирувчи суғурта бозори профессионал иштирокчиларининг номидан уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига, аъзоликка қабул қилинганлиги тўғрисидаги келишув имзоланиб, кириш ва йиллик аъзолик бадаллари тўланганидан сўнг эга бўлади.

5.4. Уюшма аъзолари юридик шахс бўлиб, фаолият юритишда мустақилдирлар. Уюшма аъзолари Уюшма олдида бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга.

5.5. Уюшма аъзолигига қабул қилиш Уюшма Бош директори номига берилган аризага биноан Кенгаш қарорига мувофиқ амалга оширилади.

5.6. Кенгаш номзодни аъзоликка қабул қилиш мақсадга мувофиқ деб топса, мазкур Уставнинг 4.1.4. ва 4.1.5. бандларида белгиланган миқдорда ва муддатда аъзоликка кириш ва йиллик аъзолик бадали тўловларини амалга оширгач, Уюшманинг аъзоси ҳисобланади.

5.7. Уюшма аъзоси ўз хоҳишига кўра аъзоликдан чиқиш ҳуқуқига эга.

5.8. Уюшма аъзолигидан чиқиш унинг ёзма аризасига асосан амалга оширилади. Уюшма аъзоси томонидан Уюшма аъзолигидан чиқиш тўғрисида ариза берилганидан сўнг, уч ойдан ортиқ бўлмаган муддатда, Уюшма қуйидагиларга мажбур:

а) аъзоликдан чиқувчи ва Уюшма ўртасида тузилган мавжуд шартномалар бўйича тегишли ҳисоб-китобларни амалга ошириш;

б) аъзоликдан чиқувчининг Уюшманинг бошқа аъзолари, шунингдек Уюшма олдидаги мавжуд мажбуриятларини бажариш тартибини белгилаш;

в) аъзонинг Уюшма аъзолигидан чиқиши билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этиш.

Юқоридаги масалалар ҳал этилгач, Уюшма Кенгаши Қарори билан Уюшма аъзоси аъзоликдан чиқарилганлиги тасдиқланади.

5.9. Уюшма аъзоси Уюшма таъсис ҳужжатларида белгиланган қоидаларни бир-неча маротаба қўпол равишда бузилишига йўл қўйса ёҳуд ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда Кенгаш томонидан мажбурий равишда аъзоликдан чиқарилиши мумкин.

5.10. Уюшма аъзоси ихтиёрий ёки мажбурий равишда Уюшмадан чиқарилганида, унга аъзолик даврида киритилган кириш ва аъзолик бадаллари қайтарилмайди.

5.11. Уюшма Аъзоси ихтиёрий ёки мажбурий равишда Уюшмадан чиқарилса, Уюшма таъсис ҳужжатларига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши лозим.

5.12. Уюшма аъзосининг айби билан Уюшма томонидан учинчи шахсларга етказилган зарар, Умумий йиғилиш қарорига мувофиқ, зарар учун жавобгар аъзо томонидан 10 (ўн) кун ичида тўлиқ қопланади. 

VI. УЮШМА АЪЗОЛАРИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

6.1. Уюшма аъзолари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) амалдаги қонунчилик ва Уюшма таъсис ҳужжатларида белгиланган тартибда Уюшманинг ишларини бошқаришда иштирок этиш;

б)  амалдаги қонунчиликда ва Уюшманинг таъсис ҳужжатларида белгиланган тартибда Уюшманинг фаолияти тўғрисида ахборот олиш ҳамда унинг бухгалтерия ва бошқа ҳужжатлари билан танишиш;

в)  уюшмадан методик ва ҳуқуқий ёрдам олиш;

г)  уюшманинг ахборотлар базасидан фойдаланиш, Уюшма таркибий тузилмалари томонидан ташкил этилган хизматлардан фойдаланилганида чегирма ва енгилликлардан фойдаланиш;

д) уюшма таъсис ҳужжатларига биноан Уюшманинг ижро ва назорат органларига сайлаш ва сайланиш;

е) уюшманинг ижро ва назорат органларига Уюшма фаолиятига оид ва унинг ваколатидаги масалалар юзасидан таклифлар киритиш;

ж) уюшма ҳамда бошқа аъзоларнинг розилигидан қатъий назар амалдаги қонунчилик ва Уюшма таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда исталган вақтда аъзоликдан чиқиш. Уюшма аъзоси турли сабабларга кўра аъзоликдан чиққанда, кириш, аъзолик ва бошқа бадаллар қайтарилмайди.

6.2. Уюшма аъзоларининг мажбуриятлари:

а)  уюшма таъсис ҳужжатлари қоидаларига амал қилиш;

б) амалдаги қонунчиликка ва Уюшманинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда, миқдорда, усул ва муддатларда аъзолик бадаллари тўловини амалга ошириш;

в)  уюшма фаолияти билан боғлиқ сир тутилган ахборотни ошкор қилмаслик. Ошкор этилмайдиган ахборотлар сирасига барча шартномалар, техник ва бошқа Уюшма фаолиятига оид ахборотлар киради. Уюшманинг ҳар бир аъзоси ва ходими расмий равишда олинган маълумотларни, шунингдек унга маълум бўлган, Уюшманинг фаолиятига тааллуқли ахборотнинг сир сақланишини таъминлашга мажбур ва шу ахборотни тарқалишини олдини олувчи барча чора ва тадбирларни кўриши;

г) ўз фаолиятини бир-бирларини ўзаро ҳурмат қилиш, ҳалоллик таъмойилига амал қилган ҳолда олиб бориш, виждонсиз рақобат ҳолатларига йўл қўймаслик, Уюшма аъзоларига ҳос касб этикаси ва меъёрлари доирасида амалга ошириш.

VII. УЮШМАНИНГ БОШҚАРУВ ОРГАНЛАРИ

7.1. Қуйидагилар Уюшманинг бошқарув органлари ҳисобланади:

а) уюшма аъзоларининг Умумий йиғилиши (кейинги ўринларда Умумий йиғилиш);

б) уюшма Кенгаши (кейинги ўринларда Кенгаш);

в) уюшманинг ижро органи - Уюшманинг Ижро дирекцияси.

7.2. Уюшманинг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш органи Умумий йиғилиш томонидан тайинланадиган Тафтиш комиссияси ҳисобланади.

 VIII. УЮШМАНИ БОШҚАРИШ ТАРТИБИ

8.1. Уюшма бошқарувининг олий органи аъзоларнинг Умумий йиғилиши ҳисобланади.

8.1.1. Аъзоларнинг умумий йиғилиши аъзоларнинг 60 фоизидан кўпроғи иштирок этганида ваколатли ҳисобланади. Мажлисда ҳар бир аъзо битта овозга эга бўлади. Умумий йиғилиш Кенгаш раиси томонидан ўтказилади. У бўлмаган тақдирда, аъзоларнинг кўпчилик овози билан сайланган Кенгаш аъзоларидан бири Умумий йиғилишда раислик қилади.

8.1.2. Умумий йиғилишнинг мутлоқ ваколатларига қуйидагилар киради:

а) уюшма Уставини тасдиқлаш, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

б) уюшма фаолиятининг асосий йўналишларини, унинг мулкини шакллантириш ва ундан фойдаланиш мезонларини белгилаш;

в) уюшма Кенгаши таркибини белгилаш ва сайлаш, шунингдек унинг ваколатларини муддатидан олдин тугатиш;

г) уюшманинг ижро ва назорат органларини ташкил этиш ва уларнинг ваколатларини тугатиш;

д) уюшмани тугатиш ва тарқатиш ҳақида ҳамда тугатиш комиссияси тузиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш, тугатиш балансини тасдиқлаш;

е)  аудиторни белгилаш ва унга тўланадиган ҳақ миқдорини тайинлаш.  

8.1.3. Уюшма аъзолари Умумий йиғилиш ишида мустақил равишда ёки ўзларининг вакиллари орқали иштирок этадилар.

8.1.4. Навбатдаги Умумий йиғилиш заруратга қараб, Кенгаш томонидан бир йилда камида бир марта чақирилади.

8.1.5. Умумий йиғилиш қарори 1 та аъзо – 1 та овоз тамоилига кўра, иштирок этувчиларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.

8.1.6. Умумий йиғилиш йилида камида 1 марта, молиявий-фаолият йили тугаганидан сўнг 2 ойдан кечиктирилмасдан чақирилади.

8.1.7. Навбатдан ташқари Умумий йиғилиш қуйидагиларнинг ташаббуслари билан чақирилиши мумкин:

а) кенгаш томонидан, Кенгаш аъзоларининг 2/3 қисмининг овози билан;

б) уюшманинг Тафтиш комиссияси томонидан, комиссия аъзоларининг якдиллиги билан;

в) уюшма Бош директори томонидан.

8.1.8. Навбатдан ташқари чақирилган Умумий йиғилиш, Уюшма аъзоларининг ярмидан кўпи иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.

8.1.9. Умумий йиғилиш, Кенгашдан ташқари, Умумий йиғилиш чақириш ташаббусига эга субъектлар томонидан чақирилган бўлса, Кенгаш уни чақириш ва ўтказилишини таъминлаш чораларини кўришга мажбур.

8.1.10. Умумий йиғилиш ўтказиш вақти ва жойи, унинг кун тартиби, Умумий йиғилиш ўтказиладиган кундан 10 (ўн) кун олдин, Кенгаш раиси томонидан Уюшма аъзолари хабардор қилинади.

8.1.11. Умумий йиғилишда қуйидаги шартларда Қарорлар қабул қилинади:

а) Умумий йиғилиш мутлоқ ваколатида бўлган масалалар бўйича йиғилишда иштирок этаётган Уюшма аъзоларининг 2/3 қисмининг овозлари билан;

б) қолган масалалар бўйича - Умумий йиғилишда иштирок этаётган Уюшма аъзоларининг оддий кўпчилик овозлари билан.

8.1.12. Умумий йиғилиш қарори йиғилиш қатнашчиларининг овозлари йиғилиб, натижа эълон қилиниши билан кучга киради ва Уюшманинг барча аъзолари ҳамда органлари учун мажбурий кучга эга.

8.1.13. Умумий  йиғилишда  баённома  юритилади. Умумий йиғилишнинг баённомаси мажлис ўтказилганидан сўнг 10 (ўн) кундан кечиктирмай 2 (икки) нусхада тузилади. Умумий йиғилиш баённомаси мажлисда тайинланган котиб томонидан тузилади.

8.1.14. Умумий йиғилиш баённомасида қуйидагилар кўрсатилади:

а) йиғилиш ўтказилган жой ва вақт, сана;

б) йиғилишда қатнашган шахслар;

в) йиғилишнинг кун тартиби;

г) овоз беришга қўйилган масалалар, улар юзасидан ўтказилган овоз бериш якунлари;

д) қабул қилинган қарорлар.

8.1.15. Уюшма Умумий йиғилишининг баённомаси йиғилишда иштирок этаётган Уюшма аъзолари томонидан имзоланиб, улар баённоманинг тўғри расмийлаштирилиши учун масъулдирлар.

8.1.16. Умумий йиғилиш баённомаси имзоланган кунида Уюшма ижро этувчи органига ижро учун топширилади.

IX. УЮШМА КЕНГАШИ

9.1. Уюшма Кенгаши Уюшманинг жамоат бошқарув органи ҳисобланади.

9.1.1. Кенгаш 7 (етти) нафар аъзодан иборат бўлиб, Аъзолар Умумий йиғилиши томонидан 3 (уч) йил муддатга Уюшма аъзолари сафидан сайланади. Кенгашни Кенгаш раиси бошқаради.

9.1.2. Кенгаш ва унинг фаолиятини ташкил этиш, Кенгаш раиси ва Аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда ваколатлари Умумий йиғилиш томонидан тасдиқланган Кенгаш Низомида белгиланади. 

X. УЮШМАНИНГ ИЖРО ОРГАНИ

10.1. Уюшманинг ижро органи Ижро дирекцияси ҳисобланади.

10.1.1. Ижро дирекциясини Кенгаш томонидан уч йил муддатга сайланадиган Уюшма Бош директори бошқаради.

10.1.2. Бош директор Кенгаш ва Аъзоларнинг умумий йиғилишига ҳисобот беради. Аъзоларнинг умумий йиғилиши ва Кенгаш қарорлари Бош директор учун мажбурий ҳисобланади.

10.1.3. Уюшманинг Бош директори Уюшманинг жорий ишига ушбу Устав, Кенгаш қарорлари ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигигига мувофиқ, ҳамда Бош директор билан тузиладиган меҳнат шартномасида белгиланган ваколат ва ҳуқуқлар доирасида якка тартибда раҳбарлик қилади. Уюшманинг Бош директори ўз вазифасидан муддатидан олдин Кенгаш ёки Аъзоларнинг умумий йиғилишининг кўпчилик овози асосида қабул қилинган қарори асосида озод этилиши мумкин.

Бош директор билан Уюшма ўртасидаги меҳнат муносабатлари Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонунлари ҳамда Бош директор билан тузиладиган меҳнат шартномаси билан тартибга солинади.

10.1.4. Уюшманинг Бош директори Уюшма номидан ишончномасиз фаолият юритади. Уюшма манфаатларини барча маҳаллий ва хорижий ташкилотларда, корхоналарда ва муассасаларда ҳимоя қилади. Уюшманинг мулкини тасарруф этади, шартномалар, шунингдек меҳнат шартномаларини тузади, ишончномалар беради, банкларда ҳисоб ва бошқа рақамларни очади, маблағларни тасарруф этади. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ Аъзолар умумий йиғилиши ва Кенгаш ваколатига киритилган вазифалардан бошқа вазифаларни амалга оширади.

10.1.5. Келиб тушган ва сарфланган маблағлар тўғрисида Кенгаш ва Умумий йиғилишга йиллик ҳисобот беради.

10.1.6. Уюшма аъзоларининг навбатдаги ва навбатдан ташқари Умумий йиғилиши ўтказилишини ташкил этади.

10.1.7. Уюшма Бош директори ваколат ва вазифаларига қуйидагилар киради:

а) мавжуд маблағлар доирасида Уюшма фаолиятини моддий-техникавий таъминлаш;

б) Уставда назарда тутилган фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча моддий ва молиявий манбаларни жалб қилиш;

в) уюшма таркибий тузилмалари штатлар жадвалини ва уларнинг лавозим йўриқномалари ҳамда мажбуриятларини тасдиқлаш;

г) Уюшма ходимларига раҳбарлик қилиш, Уюшма таркибий тузилмаси ва штатлар жадвалини тасдиқлаш, ҳисоб юритилишини ташкил қилиш;

д) умумий йиғилиш ва Кенгаш ваколатида бўлмаган кадрларга оид - ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқларни (фармойишларни), шу жумладан, Уюшма ходимларини лавозимларга тайинлаш, уларни бошқа лавозимга ўтказиш ёки ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқларни чиқаради ҳамда кўрсатмалар беради, рағбатлантириш ва маъмурий жазолаш чораларини кўриш, ҳамда бошқа масалаларни ҳал этиш.

10.1.8. Уюшма Бош директори Уюшма фаолиятига оид долзарб масалани ҳал этиш учун Кенгашга Умумий мажлис чақириш тўғрисида таклиф киритади.

10.1.9. Уюшма Бош директори Уюшма фаолияти билан боғлиқ юзага келган бошқа масалалар юзасидан ва мазкур устав билан умумий йиғилиш ва Кенгаш ваколатлари доирасига киритилмаган ўзга ваколатларини қонунчилик доирасида амалга оширади.

 XI. УЮШМА ФАОЛИЯТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ

11.1. Уюшма молиявий фаолиятининг назоратини, Умумий йиғилиш томонидан 3 йил муддатга 3 киши таркибида сайланган Тафтиш комиссияси амалга оширади.

11.2. Тафтиш комиссияси Уюшманинг бир йиллик молиявий-хўжалик фаолияти тафтишини йил якуни бўйича амалга оширади. Шунингдек, Умумий йиғилиш қарорига мувофиқ ҳамда Тафтиш комиссияси ташаббуси билан Уюшманинг исталган даврдаги молиявий-хўжалик фаолияти текширилиши мумкин.

11.3. Тафтиш комиссиясининг талаби билан Уюшма Ижро дирекцияси Уюшманинг молиявий-хўжалик фаолиятига тааллуқли ҳужжатларни тақдим этиши шарт.

11.4. Тафтиш комиссияси Аъзоларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш ҳуқуқига эга.

11.5. Тафтиш комиссияси аъзолари бир вақтда Кенгаш аъзоси бўлиши ёки Уюшма бошқарув органларида маълум бир лавозимни эгаллаши мумкин эмас.

11.6. Уюшманинг молиявий ҳамда молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш аудиторлик фирмаси томонидан амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда ўзаро тузилган шартнома асосида амалга оширилади.

11.7. Аудиторлик фирмаси конкурс асосида танланиб, унга тўланадиган тўлов миқдори Аъзоларнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланади.

11.8. Уюшманинг молиявий-хўжалик фаолиятини белгиловчи йиллик ҳисоботлар ва баланслар бўйича ўтказилган тафтиш ва текширув натижаси юзасидан Тафтиш комиссияси ва Аудиторлик фирмаси (Аудитор) хулоса расмийлаштирадилар, хулосада қуйидагилар қайд этилиши лозим:

а) уюшманинг ҳисоботлари ва бошқа молиявий ҳужжатларида қайд этилган маълумотларни асосланганлигини тасдиқлаш;

б) бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботларни тақдим этилишида Ўзбекистон Республикасининг меъёрий ҳужжатлари талаблари бузилганлик, шунингдек молиявий-хўжалик фаолияти юритилишида Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишига йўл қўйилганлиги ҳолатлари аниқланса, улар тўғрисида маълумотлар.

11.9. Текширув якуни бўйича тайёрланган хулоса Уюшма Кенгаши томонидан кўриб чиқилиб, Умумий йиғилишга маълум қилинади.

 XII. УЮШМА ХОДИМЛАРИНИНГ МЕҲНАТИ ВА ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНОТИ

12.1. Меҳнат ҳақи тўлови, меҳнат ва дам олиш тартиби, Уюшма ходимларини ижтимоий таъминлаш, ўқитиш ҳамда cуғурта қилиш, ходимларни ёллаш Ўзбекистон Республикаси амалдаги қонунчилигига мувофиқ, томонлар ўртасида тузиладиган меҳнат шартномаси билан тартибга солинади.

XIII. УЮШМАНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ

13.1. Уюшмани қайта ташкил этиш ёки тугатиш Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ҳамда мазкур Устав талаблари асосида амалга оширилади.

13.2. Уюшмани қайта ташкил этиш Аъзоларнинг умумий йиғилиши қарори билан уни қўшиб юбориш, бирлаштириш, бўлиш, ажратиб чиқариш, қайта тузиш йўли билан амалга оширилади. Уюшмани қайта ташкил этишда унинг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворисга ўтади.

13.3. Уюшмани тугатиш Аъзоларнинг умумий йиғилиши қарорига биноан ёки суд тартибида амалга оширилади.

13.4. Уюшмани давлат рўйхатидан ўтказган орган томонидан Уюшмаларнинг ягона давлат реестрига тегишли ёзув киритилган вақтдан бошлаб, Уюшмани тугатиш якунланган, Уюшма эса ўз фаолиятини тугатган деб, ҳисобланади. 

XIV. УЮШМА УСТАВИГА ЎЗГАРТИРИШ КИРИТИШ ТАРТИБИ

14.1. Уюшма Уставига ўзгартириш, Уюшма Аъзолари умумий йиғилиш қарори билан киритилади. Умумий йиғилиш қарори, йиғилишда аъзоларнинг ярмидан кўпи иштирок этганида ва уларнинг 2/3 қисмининг овози билан қонуний ҳисобланади.

14.2. Уюшма Уставига киритиладиган ўзгартириш қонунда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб қонуний кучга киради. 

XV. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

15.1. Ушбу Уставда ўз ифодасини топмаган Уюшма фаолиятига оид масалалар Ўзбекистон Республикасининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари ҳамда Уюшма Аъзоларининг умумий йиғилиши қарорлари билан тартибга солинади. 

15.2. Уюшма ушбу Уставдан ташқари, Уюшма бошқарув органларининг фаолиятини белгиловчи, шунингдек улар томонидан Уюшма ва унинг таркибий тузилмалари фаолиятини назорат қилинишини белгиловчи ички меъёрий ҳужжатларига эга бўлиши мумкин. Ички меъёрий ҳужжатлар мазкур Устав талабларига ва учинчи шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига зид бўлмаслиги керак.

 

Кенгаш  раиси                                                               К.А. Абдурахимов

 

 

Ишонч телефони
(+998 71) 266-27-38


Қўмиталар ва Ишчи гуруҳлар

Қонунчилик

Уюшма ҳузуридаги Ҳакамлик суди

Актуар Консалтинг

Суғурта компаниялари рейтинги




  Уюшма ҳақида
  Қўмиталар ва Ишчи гуруҳлар
  Қонунчилик
  Уюшма ҳузуридаги Ҳакамлик суди
               
  Актуар Консалтинг
  Ўқув маркази
  Расмлар

Тадбирлар

Суғурта янгиликлари

Бўш иш ўринлари

Муҳокамадаги ҳужжатлар
  Суғурта компаниялари рейтинги

ИБФЖМСҚ ва ТФЖМСҚ бўйича маълумотлар базаси